Нукусда божхона хизмати мусодара қилган осори-атиқалар кўргазмаси ўтмоқда

Нукусда божхона хизмати мусодара қилган осори-атиқалар кўргазмаси ўтмоқда

Нукусдаги Игорь Савицкий номидаги музейда Қорақалпоғистон божхона хизмати тарафидан ушлаб қолинган осори-атиқа буюмлар намойиш этилмоқда.

“20 аср ўртасига оид хўжалик буюмлари” деб номланган кўргазмада шу даврдаги минтақа аҳолиси кундалик турмушининг ўзига хослигини намойиш этувчи тарихий ва маданий қимматга эга бўлган уй-рўзғор буюмлари жой олган.

Экспонатлар орасида ошхона буюмлари, чой сервислари, самоварлар тўплами, лампалар ва шамдонлар борлиги айтилмоқда.

Қорақалпоғистон божхона хизмати Игорь Савицкий музейи билан кўпдан бери ҳамкорлик қилиб келади. Хизмат тарафидан ушлаб қолинган осори-атиқа буюмлар суд қарори билан музей фондига топширилади.

Кун янгиликлари

Uzbekistan Airways Россияга парвозлар тўхтатилмаслигини билдирди

Uzbekistan Airways ширкати 7 март куни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги қатновлар тўхтатилмаслигини маълум қилди.

Ширкат матбуот котиби Камола Икромованинг билдиришича: “Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги авиақатновлар жадвалга мувофиқ узилишларсиз амалга оширилади ва хавотирга ўрин йўқ.

6 март куни Ўзбекистон Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги Россиянинг “Smartavia” ва “I FLY” авиаширкатлари 5 мартдан бошлаб Ўзбекистонга амалга ошириладиган рейсларни тўхтатгани тўғрисида хабар берганди.

Бундан аввалроқ “Аэрофлот”, “Россия”, “Аврора” ва S7 авиаширкатлари ҳам халқаро рейсларни амалга оширишни тўхтатганини билдирган.

Кремль Украинага уруш очгани ортидан жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари Россия авиаширкатлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Қатор давлатлар эса Россия авиаширкатларига ижарага берилган самолётларни қайтариб олиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

Ўзбекистонда доллар, евро ва рублнинг курси пасайди

Марказий банк хорижий валюталарнинг 9 мартдан бошлаб амал қиладиган янги курсини эълон қилди.

Янги курсда таъкидланишича, доллар 13,16 сўмга, евро 186, 67 сўмга, рубль 19,21 сўмга арзонлади.

9 мартдан бошлаб 1 доллар 10 897,27 сўмдан, евро 11 831,17 сўмдан, рубль 79,89 сўмдан сотилади.

Россия Украинага уруш очганидан сўнг рублнинг қадри кескин тушиб кетгани кузатилган эди. Ўзбекистонда 2017 йилдан бери илк марта рублнинг расмий курси 100 сўмдан пасайиб кетди.

Ҳордиқ кунлари Польшадан яна 674 нафар ўзбекистонлик юртига қайтарилди

Жорий йилнинг 6-7 март кунлари Украинадан Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликлардан 674 нафари юртига қайтарилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобилжонов маълумотига кўра, Катовице аэропорти орқали Ўзбекистонга қайтарилган бу фуқароларнинг 109 нафари аёл, 57 нафари вояга етмаган болалар ва 12 нафари чақалоқдир. Бу билан 28 февралдан буён 19 та авиақатнов билан ватанига қайтарилган ўзбекистонликлар сони 4 минг 359 нафарга етган.

ТИВ вакили 7 март куни ҳам фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича яна битта рейс амалга ошириш режаланаётгани, айни пайтда Польша ҳудудида 350 дан зиёд ўзбекистонлик қолаётганини билдирган.

Россия авиаширкатлари Ўзбекистонга парвозларни тўхтатди

Россиянинг “Smartavia” ва “I FLY” авиаширкатлари 5 мартдан бошлаб Ўзбекистонга амалга ошириладиган рейсларни тўхтатгани тўғрисида Ўзбекистон Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги 6 март куни хабар берди. Жумладан, “Smartavia” нинг 7 март кунига режалаштирилган Москва – Урганч – Москва йўналишидаги парвози ҳам бекор қилинди.

“Бекор бўлган авиақатновлар йўловчилари авиачипта пулларини қайтариш ёки чипталарини бошқа муддатга қайта бронлаш масалалари юзасидан ушбу чипталарни харид қилган авиакассаларга мурожаат этишлари тавсия этилади”,-дейилади расмий билдирувда.

Бундан аввалроқ “Аэрофлот”, “Россия”, “Аврора” ва S7 авиаширкатлари ҳам халқаро рейсларни амалга оширишни тўхтатганини билдирган эди. Мазкур авиаширкатлар Ўзбекистонннинг бир қатор шаҳарларига парвоз қиларди.

Халқаро рейсларнинг бекор қилиниши “парвозларнинг бажарилишига тўсқинлик қилувчи қўшимча ҳолатлар пайдо бўлгани” билан изоҳланмоқда.

Кремль Украинага уруш очгани ортидан жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари Россия авиаширкатлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Қатор давлатлар эса Россия авиаширкатлари ўзларидан ижарага олган самолётларни қайтариб олиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликлардан 2579 нафари юртига қайтди

Жорий йилнинг 4 март ҳолатига кўра, Украинадан Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликлардан 2 579 нафари 11 та авиарейс билан ватанига қайтарилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобилжонов ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

ТИВ вакилига кўра, 3-4 март кунлари Польшанинг Катовице аэропорти орқали 720 нафар ўзбекистонлик олиб келинган. Айни пайтда мазкур аэропортдан Ўзбекистонга яна учта парвоз (4 март куни Тошкент вақти билан соат 14:30 ва 16:00 да ҳамда 5 март куни соат 03:00 да) кутилмоқда.

Қобилжонов қайдича, ҳозирда Польша ҳудудида 1480 нафардан зиёд ўзбекистонлик қолмоқда – улардан 700 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, 780 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган.

Украинадан Молдовага қочган ўзбекистонликлар ватанига қачон қайтарилиши маълум эмас

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинадан Молдовага ўтган 200га яқин ўзбекистонликни ватанга қайтариш масаласи кейинроқ кўриб чиқилиши ҳақида баёнот берди.

“Молдова томони инсонпарварлик нуқтаи назаридан, фуқаролигидан қатъий назар, ўз ҳудудига кираётган барча шахсларни ташиш, жойлаштириш, овқатлантириш ва бошқа зарур масалаларда кўмак бермоқда”, - дейилади расмий билдирувда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Молдовага қочиб ўтган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш масаласи “кейинроқ кўриб чиқилади”. Вазирлик айни пайтда Украинадан Польшага ўтган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш устивор эканини таъкидлаган.

Ташқи ишлар вазирлиги 2 март куни Украинадан Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш бўйича 28 февралдан шу кунгача еттита махсус авиақатнов амалга оширилганини маълум қилган эди.

Киевдаги элчихона ўзбекистонликларни эвакуация қилиш ишларини давом эттираётганини урғулаган вазирлик шу пайтгача 1 186 нафар фуқаро ватанига қайтарилганини қўшимча қилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари “геосиёсий таранглик вазиятида” ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 март куни Қозоғистон Республикаси президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди Мирзиёевнинг матбуот хизмати.

Ўзбек президенти матбуот хизматининг ёзишича, президентлар “дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари”ни муҳокама қилди.

Қозоғистон президенти матбуот хизмати эса: “Икки давлат лидерлари айни пайтдаги геосиёсий таранглик вазиятида савдо-иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолати”ни муҳокама қилгани ҳақида билдирди.

Қозоғистон президенти матбуот хизматининг билдиришича: “Президентлар янги таҳдид ва хавфларни бартараф этиш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар”.

Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликларни юртига қайтариш учун еттита рейс амалга оширилди

Украинадан Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш бўйича еттита махсус қатнов амалга оширилган.

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, еттинчи рейс 2 март куни Тошкент вақти билан соат 18:45 да Катовице аэропортидан парвоз қилиб, 3 мартга ўтар кечаси соат 00:30 да пойтахт аэропортига қўнган.

Вазирлик мазкур рейс билан Украинадан эвакуация қилинган 181 нафар ўзбекистонлик юртига қайтарилганини қўшимча қилган, бироқ Польшадан умумий ҳисобда қанча ўзбекистонлик олиб келинганига аниқлик киритган эмас.

Ўзбек расмийлари 2 март куни яна иккита эвакуация рейсини амалга оширишмоқчи

Расмий Тошкент қарори билан Украинадан Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликларни олиб келиш учун 2 март куни яна иккита эвакуация қатновини ташкил этиш режаланган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, айни пайтда Польша ҳудудида 800 нафардан зиёд ўзбекистонлик қолмоқда.

“Улардан 350 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, 450 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Украинада жанговар ҳаракатлар кетаётганига қарамай, Киевдаги элчихона ўзбекистонликларни эвакуация қилиш ишларини давом эттираётганини урғулаган вазирлик шу пайтгача 1 186 нафар фуқаро ватанига қайтарилганини қўшимча қилган.

Украинадан икки кун ичида 762 ўзбекистонлик эвакуация қилинди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, 1 март куни Тошкент вақти билан соат 15:05 да Украинадан эвакуация қилинган 253 ўзбекистонлик Польшанинг Катовице шаҳридан Uzbekistan Airways’нинг учинчи махсус самолёти воситасида ватанга учиб кетган. Самолёт Тошкентга маҳаллий вақт билан соат 20:45 да етиб келади.

Вазирлик бу билан Украинадан эвакуация қилинган фуқаролар сони 762 кишига етганини билдирди. 1 март куни Польшадан Ўзбекистонга яна иккита рейс ташкил этилиши кутилмоқда. Ўзбекистон фуқароларини Польша орқали эвакуация қилиш 28 февралда бошланган эди.

“Ўзбекистон фуқаролари “Карчова” назорат пунктига келишда давом этмоқда. Тез орада улар ҳам Ўзбекистонга қайтарилади”,-дейилади расмий хабарда.

Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликларнинг биринчи гуруҳи Польшадан олиб келинди

Украинадан Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликларнинг илк гуруҳи 28 февраль оқшомида Тошкентга қайтарилди.

Транспорт вазирлиги қайдича, Польшанинг Катовице шаҳридан 251 нафар Ўзбекистон фуқаросини олиб учган Uzbekistan Airways авиаширкати учоғи душанба куни маҳаллий вақт билан соат 22:49 да “Тошкент” халқаро аэропортига қўнган. Вазирлик юртига қайтарилган йўловчиларнинг 37 нафари бола ва 10 нафари чақалоқ эканини билдирган.

Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликлар махсус авиарейслар билан ҳукумат қарорига кўра бепул олиб келинаётганини урғулаган Транспорт вазирлиги расмийлари 1 март куни навбатдаги махсус рейсни амалга ошириш режаланганини қўшимча қилган.

Баҳорнинг илк куни Фарғонада зилзила содир бўлди

Жорий йилнинг 1 март куни Тошкент вақти билан соат 08:09 да Ўзбекистон ҳудудида ер силкиниши ҳодисаси кузатилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълум қилди.

Зилзила маркази жануби-шарқий йўналиш бўйича пойтахт Тошкентдан 242 километр олисликда бўлган.

Ер силкиниши кучи зилзила маркази бўлмиш Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 3,5 баллга тенг бўлган.

Зилзила кучи Фарғона туманида 2 баллни ташкил этган.

Сейсмопрогностик мониторинг маркази хабарномасида ер силкиниши оқибатида аҳоли ёки биноларга бирор талафот етган-етмаганига аниқлик киритилган эмас.

Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликларнинг илк гуруҳи 28 февраль куни юртига қайтади

Украинадан Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликларнинг илк гуруҳи юртига душанба куни қайтиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобилжонов ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

ТИВ мулозимига кўра, Ўзбекистон фуқароларини Польшадан ватанга қайтариш мақсадида “Uzbekistan Airways” АЖ самолётларининг ўтиши учун ҳаво йўлаги билан таъминлаш масаласи ҳал қилинган.

“Ҳозирча биринчи самолётнинг Ўзбекистонга парвоз қилиши жорий йилнинг 28 февраль кунига режалаштирилмоқда”, дейилган хабарномада.

ТИВ вакилига кўра, Польша ҳудудида ташкил этилган тўпланиш жойида асосий қисми ёш боласи бор аёллардан иборат ўзбекистонликлар учун шарт-шароит яратилган. Улар кўрпа-тўшак, тиббий ёрдам, иссиқ овқат билан таъминлангани айтилмоқда.

Хабарномада 27 февраль Тошкент вақти билан соат 16:00 га қадар Ўзбекистоннинг 110 нафарга яқин фуқароси “Карчова” назорат-ўтказиш пункти орқали Польша ҳудудига киргани, яқин вақт ичида бошқа ўзбекистонликлар ҳам чегарадан ўтиши кутилаётгани қайд этилган.

Аввалроқ Tашқи ишлар вазирлиги Украина ҳудудида 4300 га яқин Ўзбекистон фуқароси борлигини билдирган эди.

Украинадаги ўзбекистонликларнинг дастлабки гуруҳи Польшага эвакуация қилинди (ВИДЕО)

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси 26 февраль куни Тошкент вақти билан соат 20.30да 90дан зиёд Ўзбекистон фуқароларидан иборат биринчи эвакуация гуруҳи Львовдан "Краковец" назорат-ўтказиш пункти йўналиши бўйлаб йўлга чиққани тўғрисида маълум қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг билдиришича, чегарани кесиб ўтиш Ўзбекистоннинг Польшадаги Элчихонаси билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилмоқда.

Ўзбекистонликлар вақтинча Польшада қоладими ёки ватанига олиб келинадими, деган саволни Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили очиқ қолдирган.

Аввалроқ Tашқи ишлар вазирлиги Украина ҳудудида 4300 га яқин Ўзбекистон фуқароси борлигини билдирган эди.

📎📎📎📎📎📎📎📎📎📎